ТОШКЕНТ, 24 июл — Sputnik. Бугун 66 ёшни қарши олаётган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Марказий Осиё етакчилари туғилган куни билан табриклашди ва унга мустаҳкам соғлик ва катта муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига фаровонлик ва равнақ тилашди.
Мирзиёев Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Улар Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишди.
Мирзиёев Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан бўлиб ўтган суҳбатда ўзаро савдони кўпайтириш ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларида, шу жумладан, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа муҳим йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
“Шовот-Тошовуз” чегараолди эркин савдо зонасини барпо этиш бўйича биргаликдаги ишларнинг илк натижалари катта мамнуният билан қайд этилди.
Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан суҳбатда бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш ҳамда икки томонлама муносабатлар кун тартибини аниқ амалий мазмун билан бойитиш масалаларини муҳокама қилди.
Етакчилар ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларни янада фаоллаштириш, жумладан, қўшма кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш, ёшларни кенг жалб қилган ҳолда маданий ва спорт тадбирларини уюштириш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирдилар.
Минтақавий шериклик, шу жумладан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувлари ва Оролни қутқариш халқаро фонди доирасидаги ҳамкорликка оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан суҳбатда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини кўриб чиқди.
Саноат, автомобилсозлик, тўқимачилик ва электротехника тармоқларида, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича ҳамда ҳамкорликнинг бошқа соҳаларида қўшма кооперация лойиҳаларини амалга оширишда эришилаётган натижалар мамнуният билан қайд этилди.
Ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида янги савдо ва инвестиция лойиҳалари тўпламини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.
Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан суҳбатда яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалаларини атрофлича кўриб чиқди.
Ҳукуматлараро комиссиянинг Тошкент шаҳрида ва қўшма Ишчи гуруҳнинг Остона шаҳрида ўтган навбатдаги йиғилишларининг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш, саноат тармоқлари ва инфратузилма соҳасида кооперация лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек, қўшма маданий тадбирларни мунтазам ўтказиш орқали фаол гуманитар алмашинувни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди, бўлажак олий даражадаги мулоқотлар режаси кўриб чиқилди.