Ўзбекистонда пилла қурти уруғини ишлаб чиқарувчиларга субсидия берилади

2026 йил 1 январгача ҳар бир қути ипак қурти уруғи учун 120 минг сўм миқдорида субсидия ажратилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 июл — Sputnik. Ўзбекистонда пилла қурти уруғини ишлаб чиқарувчиларга субсидия берилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг 305-сонли қарори билан тасдиқланган низомда тасдиқланди.
Низомга кўра, 2026 йил 1 январгача ҳар йили пиллани қайта ишлаш ва пилла қурти уруғини ишлаб чиқарувчи корхоналарга улар томонидан пилла боқувчиларга етказиб берилган ҳар бир қути ипак қурти уруғи учун 120 минг сўм миқдорида субсидия ажратилади.
Шунга кўра:
биринчи ва иккинчи мавсум учун субсидия олувчиларнинг манзилли рўйхати шакллантирилади (20 майгача);
учинчи ва тўртинчи мавсум учун Манзилли рўйхат имзоланиб, тасдиқланган ҳолда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига тақдим этилади (20 августгача);
Қўмита субсидиялар бериш учун ажратиладиган маблағларни субсидия олувчининг банк ҳисобварағига ўтказиб беради (10 иш кунида).
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳукумат қарори билан ипак қурти уруғини тайёрловчи 7 та янги уруғчилик корхонаси ташкил этилди. Янги тутзорлар барпо қилиш учун 105 минг гектар ер майдонлари уларнинг контурларини аниқ белгилаган ҳолда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.