Халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик жиноятчи депортация қилинди

Жиноятчи турли ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистонда тақиқланган диний-экстремистик ғоялар бўлган аудиоматериалларни тарқатган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 июл – Sputnik. Халқаро қидирувда бўлган жиноятчи Жанубий Кореядан Ўзбекистонга депортация қилинди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабар берди.
Қайд этилишича, халқаро қидирувда бўлган жиноятчи экстремистик мазмундаги материалларни тарқатиб келган.

"Қидирувдаги шахс бошқа бир мамлакатнинг телефон рақамидан фойдаланиб, янги профиль яратган. Ҳамда турли ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистонда тақиқланган диний-экстремистик ғоялар бўлган аудиоматериалларни тарқатган", - дейилади хабарда.

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси ходимлари ҳамда Интерполнинг Тошкент ва Сеулдаги ММБлари ҳамкорлигида амалга оширилган тезкор ҳаракатларда жиноятчи мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларига топшириш учун чиқариб юборилган.