Айрим давлат хизматчилари тадбиркорлик билан шуғулланаётгани аниқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 6 нафар раҳбар мансабдор шахс тадбиркорлик субъектларининг таъсисчилари эканини аниқлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Ўзбекистонда айрим давлат хизматчилари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Агентлик давлат бошқарув органлари ва давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши курашиш ишларининг ҳолатини ўрганди.
Унда 6 нафар раҳбар мансабдор шахс (3 нафар туман-шаҳар ҳокими, 1 нафар агентлик, 1 нафар унитар корхона ва 1 нафар қўмита раҳбари) тадбиркорлик субъектларининг таъсисчилари эканлиги маълум бўлди.

“Аниқланган ҳолатлар бўйича мазкур давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, уларнинг юқори турувчи идораларига Агентлик томонидан тегишли тақдимномалар киритилди. Мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик субъектларидаги фаолияти тугатилиши бўйича чоралари кўрилмоқда”, - дейилади хабарда.

Маълумот учун, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасига асосан, давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга ҳақли эмаслиги қайд этилган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари”нинг 13-бандида давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланмаслиги белгиланган.