ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Ўзбекистон валюта биржасидаги (ЎзРВБ) савдолар ҳажми 64 фоиз %га ошди, дея хабар берди биржа матбуот хизмати.
Айтилишича, 2023 йилнинг 1-ярим йиллигида ЎзРВБ Ўзбекистон молия секторидаги ролини мустаҳкамлашда ва бозорларининг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлашда давом этди.
“Натижада, ЎзРВБда савдолар ҳажми сезиларли даражада ошиб, бозор иштирокчилари фаоллиги барқарор ўсиши кузатилди, бу эса, биржага бўлган ишонч ва унинг мавқеини янада мустаҳкамлашдан далолат беради”, - дейилади хабарда.
Шу йил январь-июнь ойларида ЎзРВБда савдолар умумий ҳажми 495,41 трлн сўмни ташкил этди ва бу ўтган йилги кўрсаткичдан деярли 64 фоиз % кўпдир.
Савдолар умумий ҳажмидаги бозорларнинг улуши қуйидагича бўлди:
44,27 фоиз валюта бозорига;
47,95 фоиз - пул бозорига;
7,78 фоиз - қарз бозорига тўғри келди.
Айтилишича, ярим йил давомида ЎзРВБ хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни ривожлантириш йўналишида фаол ишлар олиб борди. Келгусида бу ЎзРВБ бозорларига хорижий инвестицияларнинг катта оқими кириб келиши учун янги имкониятлар яратади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилда ЎзРВБда савдоларнинг умумий ҳажми рекорд даражага етганди. Савдоларнинг умумий ҳажми рекорд даража - 706,79 трлн сўмга тенг бўлган.