Ўзбекистон ва Озарбайжон ўзаро товар айирбошлашни $1 миллиардга етказади

Шуша шаҳрида икки давлат ўртасида ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг ўн иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Ўзбекистон ва Озарбайжон яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Шуша шаҳрида бўлиб ўтган икки давлат ўртасида ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг ўн иккинчи йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилиш Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов раислигида бўлиб ўтди.
Йиғилишда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича биргаликда иш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилди.Энергетика ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлараро, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
“Яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш учун икки мамлакат иқтисодиётлари етарли салоҳиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди”, - дейилган хабарда.
Тадбир якунида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 12-йиғилиши баённомаси ҳамда эришилган келишувларни мустаҳкамловчи бошқа бир қатор ҳужжатлар имзоланди.
2022 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,5 бараварга, жорий йил бошидан буён эса бу кўрсаткич 16 фоизга ошди. Хусусан, Озарбайжонга тўқимачилик маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми 2,6 баравар, механик ускуналар етказиб бериш 19,7 фоиз, шиша ва шиша буюмлар етказиб бериш 76 фоизга ошди.
Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида ташкил этилган қўшма корхоналар сони 4 бараварга ошди. Икки йил ичида 40 га яқин корхона ишга тушди. Ўз навбатида, Озарбайжонда Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 70 дан ортиқ корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакат ҳукумати делегацияси Озарбайжон президенти Илҳом Алиев қабулида бўлгани хабар қилинган эди.