ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. “Ўзбекгидроэнерго” 5 та янги гидроэлектр станция қуриш учун тендер эълон қилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бу Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида қуриладиган биринчи ГЭС бўлади.
“Synergy Infrastructure and Financial Advisory Services Inc” молиявий маслаҳатчи, “Dolsar Engineering” техник маслаҳатчи ва “Unicase” юридик маслаҳатчи сифатида танлаб олинган.
Умумий қуввати 46,6 МВт бўлган 5 та "Қизилдарё", "Сувлисой", "Дукентсой", "Кўксув" ва "Қуйи Кўксув" ГЭСларини барпо этиш режалаштирилган.
Уларнинг йиллик ўртача ишлаб чиқариш ҳажми 179 млн кВт⋅соат бўлади. Умумий қиймати 106,9 млн долларга баҳоланган.
Тендер ягона лот орқали август ойида ўтказилади. Бу эса лойиҳаларнинг амалга оширилишини соддалаштириб, жараённи оптималлаштириши ва самарадорлик ҳамда шаффофликни таъминлаши айтилмоқда.