Мирзиёев Тошкентдаги инфратузилма лойиҳаларини кўздан кечирди - фото

Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 20 июль куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Сўнгги йилларда Tashkent city мажмуасида улкан иншоотлар барпо этилди. Айни пайтда унинг “Пахтакор” метро бекати тарафида йирик савдо маркази қурилмоқда.
Давлат раҳбари бу ерда бўлиб, пиёдалар ва автомобиллар учун шароитларни кўздан кечирди. Келгусида ҳаракат янада кўпайишини инобатга олиб, Ботир Зокиров ва Навоий кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қуриш, пиёдалар йўлакларини қулайлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Мирзиёев пойтахтнинг Навоий, Ойбек, Нукус кўчалари бўйлаб юриб, йўллардаги шароитни кўздан кечирди, одамлар билан суҳбатлашди.
Транспорт инфратузилмаси билан боғлиқ яна бир лойиҳа – Тошкент халқаро аэропорти ёнидаги кўприк. Автомобиллар қатновига қулайликни ошириш мақсадида у кенгайтирилиб, қўшимча эстакада қурилмоқда. Унинг узунлиги 650, эни 30 метр бўлади. Айланма шаклидаги чиқиш-тушиш йўллари қайрилиб олиш хавфини йўқотиб, ҳаракатни осонлаштиради.
Президент бу ердаги қурилиш жараёнини кўрди, атрофни кўкаламзорлаштириш, манзарали дарахтлар экиш кераклигини айтди.
Мирзиёев Тошкентдаги инфратузилма лойиҳаларини кўздан кечирди
Давлат раҳбари Яшнобод туманидаги Абдулла Қодирий ва Кичик ҳалқа йўли орасидаги Элбек боғини асраш, аҳолининг дам олиши учун шароитларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Мирзиёев Тошкентдаги инфратузилма лойиҳаларини кўздан кечирди
Шавкат Мирзиёев "Тошкент-Шарқий" аэропорти қурилишини ҳам бориб кўрди.
Бу аэропортнинг умумий майдони 693 гектар. Лойиҳага кўра, унда 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги, замонавий терминаллар, самолётлар учун ангар ва перронлар бўлади. Аэропорт ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш-қўнишни таъминловчи ICAO III-А тоифасидаги замонавий радиотехника ва метеорология асбоб-ускуналари билан жиҳозланади.
Бугунги кунда учиш-қўниш йўлаги ва юқори мартабали меҳмонлар терминали биноси барпо этилган. Президент уларни кўздан кечирди. Галдаги қурилиш ишларини молиялаштириш, терминалнинг ташқи кўриниши ва делегациялар учун қулайликларни қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берди.
Мирзиёев Тошкентдаги инфратузилма лойиҳаларини кўздан кечирди