Афғон халқининг ҳаётини енгил қилишга муносиб ҳисса қўшишимиз керак — Мирзиёев

Президент Саудия Арабистонида ўтган саммитда Афғонистонда тинчликка эришиш масалаларига тўхталиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Афғон халқининг ҳаётини енгил қилишга муносиб ҳисса қўшиш керак. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммитида маълум қилди.
Президент саммитда Афғонистонда тинчликка эришиш масалаларига тўхталиб ўтди.
“Бизнинг минтақаларимиз ташаббускор бўлиб, катта-катта минбарлардан Афғонистон муаммоларига бутун дунё эътиборини жалб этишимиз, афғон халқининг ҳаётини енгил қилишга муносиб ҳисса қўшишимиз керак”, – деди давлат раҳбари.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида дунёда кузатилаётган исломофобия ҳолатларига қарши биргаликда курашиш масаласига алоҳида тўхталинди.
Бундан ташқари, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши кураш соҳасида, шунингдек, бундай таҳдидларнинг интернет ва воситалар орқали тарқалишидан ёшларни ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.