Ўзбекистонда жадидчилик тарихига бағишланган илк музей очилади — манзил

Музейда жадидчилик намояндаларининг қўлёзмалари ва шахсий буюмларидан иборат янги экспозиция ҳамда жадидчилик тарихини очиб берувчи махсус яратилган мултимедиа тизими ўрин олади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Ўзбекистонда жадидчилик тарихига бағишланган илк музей ташкил этилади. Бу ҳақда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар берди.
Қайд этилишича, “Ҳовли поён” уйида жадидчилик тарихига бағишланган илк музей ташкил этилади.
Ўзбекистонда жадидчилик тарихига бағишланган илк музей очилади
1860-1870 йилларда қурилган ва Ғозиён маҳалласида Гавкушон мадрасаси ёнидаги уй машҳур зиёли, маърифатпарвар, Марказий Осиё жадидчилиги етакчиларидан бири Усмонхўжа Пўлатхўжаевга тегишли бўлган. Айнан шу уйда илк бор янги усулдаги мактаблардан бири очилиб, ўқувчиларга замонавий таълим тизимига мос равишда она тили, математика, тарих, география ва бошқа фанлар бепул ўқитилган.
Ўзбекистонда жадидчилик тарихига бағишланган илк музей очилади
Уйнинг яхши сақланиб қолган эски қисмида зарур реставрация ишларини олиб бориш, шунингдек, янги биноларни реконструкция қилиш режалаштирилган.
Музейда жадидчилик намояндаларининг қўлёзмалари ва шахсий буюмларидан иборат янги экспозиция ҳамда жадидчилик тарихини очиб берувчи махсус яратилган мултимедиа тизими ўрин олади.
Музей қошида жадидлар меросини ўрганиш бўйича илмий марказ ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

“Олимлар илмий фаолият учун барча шароитларни таъминловчи материаллар ва архивлардан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар”, - дейилади хабарда.

Музейни ташкил этиш ташаббускорларидан бири, Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг ўғли Тимурхўжа бўлажак музей фондига қадимий қимматли қўлёзмаларни ўз ичига олган бой кутубхонасини ҳамда замонавий адабиётларнинг кенг тўпламини совға қилади.