Ўзбекистонда 2030 йилгача ичимлик суви ишлаб чиқариш ҳажми ошиши кутилмоқда

Бу йил Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманларидаги 75 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 250 минг нафар аҳоли ичимлик суви билан таъминланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Ўзбекистонда 2030 йилгача ичимлик суви ишлаб чиқариш ҳажми 11 фоизга ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзсувтаъминот” ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов хабар берди.
Қайд этилишича, 2030 йилгача аҳолининг марказлашган ичимлик сувига бўлган талаби ошиб бориши ҳамда дастлабки ҳисоб-китобларга биноан 2022 йилга нисбатан ичимлик суви ишлаб чиқариш ҳажми 11 фоизга ошиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда соҳада халқаро молия институтларининг 2 млрд 200 млн доллар маблағлари ҳисобидан 24 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Халқаро ташкилотларнинг қуйидаги маблағлари жалб этилган:
Осиё тараққиёт банкининг 611 млн 700 минг доллар (5 та лойиҳа);
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 420 млн доллар (7 та);
Жаҳон банкининг 310 млн доллар (4 та);
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг 385 млн 100 минг доллар (1 та);
Ислом тараққиёт банкининг 57,5 млн доллар (1 та);
Саудия тараққиёт ва ОПЕК жамғармаларининг 126,5 млн доллар (3 та);
Франция тараққиёт агентлигининг 130 млн 900 минг доллар (2 та);
Франциянинг "Suez" компаниясининг 170 млн доллар (1 та).

“Мазкур лойиҳаларнинг тўлиқ фойдаланишга топширилиши эвазига 7 минг 500 километр ичимлик суви тармоғи, 2 минг 757 километр оқова сув тармоғи, 254 та сув ҳамда 263 та оқова сув иншооти қурилади ва реконструкция қилиниши белгиланган”, - деди Акмал Муродов.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш орқали 4 млн 200 минг нафар аҳоли ичимлик суви ва 2,5 млн нафар аҳоли марказлашган оқова сув тизими билан таъминланиши кутилмоқда.
Шунингдек, жараёндаги мазкур лойиҳалар билан биргаликда, 4 млрд долларлик 27 та янги истиқболли лойиҳани амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Шу йилда халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳалар доирасида 300 км ичимлик ва 80 км оқова сув тармоғи ҳамда 14 та ичимлик ва 19 та оқова сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади.

Натижада Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманларидаги 75 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 250 минг нафар аҳоли ичимлик суви билан таъминланади. Қолаверса, Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин ва Янгиер туманларидаги 17 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 50 минг нафар аҳоли учун оқова сув хизматлари йўлга қўйилади.

Маълумот учун, республика иқтисодиёт тармоқлари томонидан бир йилда ўртача 56–57 млрд м3 миқдорида сув ресурсларидан фойдаланилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 74 фоизга етказилиши маълум қилинганди.