Абдулла Арипов Озарбайжон президенти билан учрашди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакат ҳукумати делегацияси Бокуда бўлиб турибди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакат ҳукумати делегацияси Озарбайжон президенти Илҳом Алиев қабулида бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати хабар қилди.
Суҳбат аввалида Арипов Озарбайжон президентига давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Ўз навбатида, Озарбайжон раҳбари мамлакат етакчисини ва бутун Ўзбекистон халқини президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан яна бир бор самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Арипов мамлакатда бўлиб ўтган сайловдан сўнг Шавкат Мирзиёевни биринчи бўлиб Илҳом Aлиев табриклаганини билдириб, бу давлатлар раҳбарлари ва икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва қардошлик намунаси эканини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда олий даражадаги учрашувлар якунида эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани қайд этилди.
Озарбайжон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар Ўрта йўлак ҳамда Ўзбекистон компанияларининг Озарбайжондаги эркин иқтисодий зонадаги фаолияти истиқболлари муҳимлигини таъкидлашган.
Алиев Боку ва Тошкент савдо-иқтисод, энергетика, транспорт-логистика ва саноат ва бошқа соҳаларда янги лойиҳаларга амалга ошираётганини урғулади.