ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Мактабларда юқори интернет тезлигига эга тариф режалари жорий этилади. Буни назарда тутувчи қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ҳужжатда Рақамли технологиялари вазирлиги 2024 йил 1 январга қадар умумтаълим мактаблари учун юқори тезликда ва чекловларсиз кириш имконини берадиган янги тариф режасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Бунда, таълим муассасаларида 400 нафаргача ўқувчиси бўлган умумий ўрта таълим муассасаларида Интернет тезлиги камида 40 Мбит/с, ўқувчилар сони 400 нафардан кўп бўлганларда — камида 100 Мбит/с бўлади.
“New Education” тариф режасининг ҳар бир тезликдаги пакети учун ҳар ойлик абонент тўлови миқдорларини белгилаш ва бунда таълим ташкилотлари томонидан интернет хизматларидан тунги вақтда фойдаланилмаслиги инобатга олинади.
Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари умумтаълим мактабларини юқори тезликдаги интернетга улаш ҳамда йил давомида узлуксиз ишлаши учун зарур маблағларни ўз вақтида маҳаллий бюджетдан молиялаштириб бориши кўзда тутилган.