IBA раҳбари афсонавий Руфат Рисқиевга қимматбаҳо машина совға қилди – видео

Умар Кремлёв Руфат Рисқиевга меҳнати, жанглари ва тарихи учун миннатдорчилик билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) президенти Умар Кремлёв ўзбек бокси афсонаси Руфат Рисқиев билан учрашиш учун Тошкентга келди ва унга махсус сертификат ҳамда “Malibu” автомобилини совға қилди.

"Жаҳон бокси тарихида 1974 йили биринчи жаҳон чемпиони бўлган Руфат Рисқиевга шахсан топшириш учун Тошкентга махсус учиб келдим. Бу бизнинг тарихимиз, биз уни асраб-авайлашимиз керак, токи ёшларимиз ҳамма нарсани кўрсин, келажагимиз нимадан бошланишини билсин. Ҳозирги вақтда қандай яшаш керак ва истиқбол қандай яратилади” - деб ёзди Кремлёв ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.

Умар Кремлёв Руфат Рисқиевга меҳнати, жанглари ва тарихи учун миннатдорчилик билдирди.
Шунингдек, унга IBA президентининг бокс фахрийлари билан ишлаш бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланганлиги тўғрисидаги гувоҳномани топширди.
Аввалроқ IBA президенти Руфат Рисқиевга 10 минг доллар миқдорида мукофот пули топширганди. Қолаверса, афсонавий боксчига ҳар ой минг доллардан тўлаб борилишини маълум қилган эди.
Руфат Рисқиев 1949 йил 2 октябрь куни Тошкент вилоятининг Оққўрғон шаҳрида таваллуд топган. 1974 йилги жаҳон чемпионатида зафар қучиб, дунё биринчилигида ғалаба қозонган илк ўзбек боксчиси бўлиб тарихда қолди. 1976 йилги Олимпия ўйинлари кумуш медали совриндори.
2019 йилдан эътиборан бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши иштирокчисига Руфат Рисқиев совринини топшириш жорий этилган.
2020 йилда Ўзбекистон президенти фармони билан Руфат Рисқиев "Дўстлик" ордени билан тақдирланган.