Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига жўнаб кетди

Жидда шаҳрида “Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммит ўтказилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Саудия Арабистонига жўнаб кетди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
"Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди", - дейилган хабарда.
Жидда шаҳрида 18-19 июль кунлари “Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммит ўтказилади.
Учрашув кун тартибига, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари киритилган. Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилади.
Саммит доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
“Марказий Осиё - Кўрфаз араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши”да Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Баҳрайн Подшоҳлиги, Қатар Давлати, Кувайт Давлати, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўмон Султонлиги, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Туркманистон раҳбарлари ҳамда кенгашнинг бош котиби иштирок этиши кўзда тутилган.