Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига ташриф буюради

Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан Жиддага ташриф буюради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 июл — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё - Кўрфаз араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммитда иштирок этиш учун жорий йил 18-19 июль кунлари Жидда шаҳрида бўлади.
Учрашув кун тартибига, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари киритилган. Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилади.
Саммит доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
“Марказий Осиё - Кўрфаз араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши”да Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Баҳрайн Подшоҳлиги, Қатар Давлати, Кувайт Давлати, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўмон Султонлиги, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Туркманистон раҳбарлари ҳамда кенгашнинг бош котиби иштирок этиши кўзда тутилган.