ТОШКЕНТ, 17 июл — Sputnik. Қрим кўпригида содир бўлган фавқулодда вазият натижасида икки киши ҳалок бўлди, деб хабар қилди Краснодар ўлкаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги. РИА Новости.
Шунингдек, вояга етмаган қиз жабрланган, у Темрюк марказий касалхонасига етказилган.
Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков воқеада бир қиз жароҳатлангани, унинг ота-онаси вафот этгани ҳақида маълум қилганди. Дастлабки маълумотларга кўра, оила шу ҳудуддан бўлган. Гладков Новоосколский тумани раҳбари Андрей Гридневга боланинг қариндошлари билан боғланиш ҳақида топшириқ берди ва барча зарур ёрдам кўрсатилади.
Бундан олдин Қрим раҳбари Сергей Аксёнов Қрим кўпригида ҳаракат вақтинчалик тўхтатилганини маълум қилди.
"Қрим кўпригида транспорт ҳаракати тўхтатилди: Краснодар ўлкаси томонидан 145-устун ҳудудида фавқулодда ҳолат юз берди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ва барча масъул хизматлар ишламоқда", — деб ёзди Аксёнов.
Масала Россия транспорт вазири Виталий Савёльев билан муҳокама қилинди. Бундан ташқари, Қрим Краснодар ўлкаси расмийлари билан мулоқот қилишмоқда.
Воқеа жойига ярим орол Вазирлар кенгаши раиси ўринбосари Игорь Михайличенко борди.
Аксёнов кўприкдан ўтмасликни ва янги ҳудудлар орқали муқобил йўл танлашни маслаҳат берди. Вилоят раҳбари, шунингдек, барчани хотиржамликка, маълумотни фақат ишончли манбалардан олишга чақирди.
Қрим раҳбарининг маслаҳатчиси Олег Крючков сайёҳларга ёрдам берилишини айтди. Унга кўра, туристларнинг муқобил йўналиш бўйлаб ҳаракатланиши ташкил этилган, Армянск, Жанкой ва Перекоп ўтказиш пунктлари нормал режимда ишламоқда. Ярим орол курортлар вазирлигида мувофиқлаштирувчи штаб жойлаштирилди.
Оператив штаб Кубанда ҳам ташкил этилган. Унинг сўзларига кўра, кўприкга кираверишда ҳосил бўлган тирбандлик камайди ва ҳозирда уч километрга яқин.
“РЖД” қўллаб-қувватлаш марказининг “РИА Новости”га маълум қилишича, поездларнинг Краснодар ўлкасига ва ундан қайтиши жадвалга мувофиқ амалга оширилади.
Қрим ва Севастопол ҳукумати минтақалар ёқилғи ва озиқ-овқат билан таъминлангани, тақчиллик кутилмаслигини таъкидлади.