ТОШКЕНТ, 17 июл — Sputnik. Қозоғистон Ўзбекистондан Афғонистонга юк транзити учун тариф имтиёзларини сўради. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Остонада Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари даражасидаги ишчи гуруҳининг учрашуви бўлиб ўтди.
Таъкидланишича, учрашувда Қозоғистон ун маҳсулотларининг Ўзбекистон ҳудуди орқали транзити учун тарифларни пасайтириш имкониятларини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳудуди орқали Қозоғистондан Афғонистонга ун экспорти ҳажми тарихий максимал даражада 2017 йилда 1209 минг тоннага етган. Кейинги йилларда бу кўрсаткич сезиларли даражада камайди: 2021 йилда - 536 минг тонна, 2022 йилда - 816 минг тонна. Жорий йилнинг 6 ойи давомида – атиги 275 минг тонна.
“Қозоғистоннинг Афғонистонга ун экспорти бўйича салмоқли салоҳиятини ҳисобга олиб, Қозоғистон томони Ўзбекистон орқали Афғонистонга темир йўл орқали транзит ташишда базавий тарифга имтиёзлар бериш имкониятини кўриб чиқиш илтимоси билан Ўзбекистон томонига мурожаат қилди”, - дейилган хабарда.
Учрашувда темир йўл ташувлари учун қулай тариф шартларини муҳокама қилиш ва аниқ таклифлар ишлаб чиқиш учун қўшма эксперт ишчи гуруҳини тузишга келишиб олинди.