Симоньянга суиқасд уюштиришга уринган Украина махсус хизмати одамлари қўлга олинди - видео

Москвада ва Рязань вилоятида Украина Хавфсизлик хизмати топшириғи билан суиқасд уюштиришни режалаштирган “Параграф-88” неонацист гуруҳининг аъзолари қўлга олинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 июл — Sputnik. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Украина махсус хизматининг “Россия сегодня” ХАА ва RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньян ва журналист Ксения Собчакка қарши суиқасд уюштиришга уринган хатти-ҳаракатларининг олдини олди.
ФХХ маълумотларига кўра, 14 июль куни Москвада ва Рязань вилоятида “Параграф-88” неонацист гуруҳининг аъзолари қўлга олинган. Улар Симоньян ва Собчакнинг яшаш ва ишлаш жойиларини разведка қилишган.
Тергов ҳаракатлари чоғида қўлга олинган гуруҳ аъзолари Украина Хавфсизлик хизматининг топшириғига биноан суиқасд уюштиришга тайёргарлик кўришганини тан олишган. Ҳар бир қотиллик учун уларга 1,5 миллион рубль мукофот ваъда қилинган. Тинтув пайтида қўлга олинганлардан Калашников автомати, унинг 90 та патрони, пичоқ, кастета, резина таёқ, кишан, нацистлар рамзи туширилган байроқлар, нацистлар ғояси йўғрилган адабиёт ҳамда уларнинг жиноий ниятларини тасдиқловчи маълумотлар бўлган алоқа воситалари ва компьютерлар олиб қўйилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украина махсус хизматларининг Симоньян ва Собчакка қарши уюштирмоқчи бўлган уриниши яна бир бор Киев режимининг террорчи моҳиятини кўрсатишини маълум қилди.
“Бўлиб ўтаётган воқеалар яна бир бор қатор терактлар учун жавобгар Владимир Зеленский (Украина президенти – таҳр.) режимининг террорчи моҳиятини кўрсатади”, - дейилади Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова баёнотида.
Захарованинг сўзларига кўра, Россия тегишли халқаро ташкилотларнинг бунга билдирган муносабатини кутмаса ҳам бўлади.
“Паталогик иккиюзламачилик аллақачон Ғарб либерализмининг сиёсий анъанаси ва унинг туғма рефлексига айланган”, - дея қайд этган дипломат.
Россия ТИВ расмий вакили гап “ғарблик кураторлар васийлик қилаётган Киев режими ташкил қилган” фуқароларга нисбатан навбатдаги террорчилик ҳужумига уриниш ҳақида бораётганини таъкидлаган.
“Ҳозир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳодиса тафсилотларини аниқлаштирмоқда, аммо ҳозирданоқ равшанки, амалга ошмаган суиқасд сабаби россиялик журналистларнинг касбий фаолияти бўлган”, - деган Захарова.
У Симоньянга мунтазам равишда таҳдид қилинаётганига эътибор қаратган. Бу Украина махсус хизматининг унга қарши уюштирмоқчи бўлган биринчи суиқасди эмас.
Захарова Украина уюштирган терактларни эслатиб ўтган. Хусусан, 2022 йил 20 август куни Москва вилоятида журналист Дарья Дугина автомобили портлатиб юборилди, у ҳалок бўлди. 2023 йил 2 апрель куни Санкт-Петербургдаги портлашда ҳарбий мухбир Владен Татарский (асл исми Максим Фомин) ҳалок бўлди. 6 май куни Нижний Новгород вилоятида ёзувчи Захар Прилепин бўлган автомобиль портлатиб юборилди. Оқибатда унинг қўриқчиси ҳалок бўлди, Прилепиннинг ўзи эса ярадор бўлди. Тергов маълумотларига кўра, барча бу терактларни уюштиришда Украина махсус хизматининг қўли бор.