ТОШКЕНТ, 16 июл — Sputnik. Нодирбек Абдусатторов халқаро шахмат турнирида учинчи ўринни эгаллади.
Онлайн форматда ўтказилган шахмат бўйича "The Aimchess Rapid-2023" турнири якунига етди.
Ҳал қилувчи Grand финал учрашувида америкалик Уэсли Сони 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратган шахмат афсонаси Магнус Карлсен "The Aimchess Rapid-2023" чемпионига айланди. Норвегиялик собиқ жаҳон чемпиони 30 минг доллар миқдоридаги мукофот пулини ҳам қўлга киритди.
Ярим финалда айнан бўлажак чемпионга ютқазган Нодирбек Абдусатторов кучли учликдан жой олди. У ўтиш баҳсида Уэсли Сога 0,5:1,5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.