ТОШКЕНТ, 16 июл — Sputnik. Санитария-эпидемиология қўмитаси бўлим бошлиғи Дилором Турсунова фаввораларда чўмилиш саломатлик учун нега хавфилиги борасида маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, фавворалар ҳавони намлантириб туриш ва ён-атрофга эстетик кўрк бағишлаш мақсадида барпо этилади. Улар чўмилиш учун мўлжалланмаган.
Бундай объектлар суви бассейнлар сингари тез-тез алмаштирилмайди ва зарарсизлантирилмайди. Шу боис иссиқда уларда микроорганизмлар тез ва осон кўпаяди.
“Оқибатда фавворада чўмилиш ўткир вирусли ичак инфекциялари, гепатит (А, Е), ичбуруғ, ичтерлама, лямблиоз каби хавфли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади”, - дейди Турсунова.
Қолаверса, бундай ҳавзаларга турли коммуникация ва ёритиш мосламалари ўрнатилган бўлиши мумкин. Бу эса сув остидаги конструкцияларга қоқилиб, жароҳат олиш хавфини оширади.
Яна бир омил: фавворалар қушлар, ит ва мушуклар ҳамда бошқа жониворлар чанқоғини қондириши, чўмилиши, шўнғиши учун очиқ ҳамда қулай манбадир. Бу эса мазкур ҳавзаларга турли личинкалар тушишига олиб келади.
Шифокорнинг сўзларига, агар шундай ифлосланган сувга болалар, айниқса, баданида турли яра ва жароҳатлари бор ўғил-қизлар тушса, тери касалликларини келтириб чиқарувчи стафилококк, стрептококк, энтеравируслар ва бошқа паразит ҳамда микробларни юқтириб олиши осон.
Бундай муҳит бурун, оғиз ва қулоқ шиллиқ қаватлари яллиғланишига ҳам олиб келиши эҳтимоли мавжуд. Ўз навбатида, ёмғир суви фаввораларга қўшилиши улар таркибида зарарли кимёвий аралашмалар пайдо бўлишига олиб келишини унутмаслик керак.
“Айни сабабдан, аввало, тақиқланган, ифлосланган, текширилмаган ва нотаниш сув ҳавзаларига тушмасликни тавсия этамиз. Агар очиқ ҳавзаларда чўмилиш вақтида ва ундан кейин ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, тана ҳарорати кўтарилиши, ич кетиши, қорин дам бўлиши каби аломатлар юзага келса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим”, - дея хулоса қилди Турсунова.