Самарқандда маҳаллий аҳоли ёввойи қуш боласининг ҳаётини сақлаб қолди

Зарафшон миллий табиат боғининг реабилитация марказида тошқирғий қушининг янги туғилган боласи қаровга олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. Самарқандда маҳаллий аҳоли томонидан Тошқирғий боласининг ҳаёти сақлаб қолинди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Зарафшон миллий табиат боғининг реабилитация марказида тошқирғий қушининг янги туғилган боласи қаровга олинди.
Маълум бўлишича, бургуцимонлар оиласига мансуб қуш Самарқанд вилояти, Жомбой тумани ҳудудида яшовчи маҳаллий аҳоли томонидан топиб олинган ва миллий боғ ходимларига топширилган.
“Айни дамда тошқирғийнинг аҳволи яхши. У Зарафшон миллий табиат боғида уч ҳафта парвариш қилинади. Учишни ўрганганидан сўнг табиат бағрига қўйиб юборилади”, дейилади хабарда.
Хабарда Экология вазирлиги тошқирғий боласининг аҳволига бефарқ бўлмаган маҳаллий аҳоли вакилларига миннатдорлик билдириб ўтган.