Ўзбекистонда 18 ёшга тўлмаганларга қаерда ишлаш тақиқланади — рўйхат

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланилиши тақиқланган ишларнинг рўйхати тасдиқланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. Энди 18 ёшга тўлмаган шахсни новвой сифатида ишлатиш мумкин эмас. Бу ҳақда Ҳукумат томонидан қабул қилинган 290-сонли қарорда назарда тутилган.
Қарорда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланилиши тақиқланган оғир ишларнинг ҳамда зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларидаги ишларнинг рўйхати тасдиқланди.
Қуйидаги ишларда 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланиш тақиқланади:
Кўмирни бойитиш аппаратчиси;
Қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш аппаратчиси;
Ер ости кон ишчиси;
Таркибида олмос бўлган концентратларни меъёрига етказувчи;
Қора металлар ишлаб чиқариш назоратчиси;
Олмослар ва ўта қаттиқ материалларни силлиқловчи;
Иссиқлик тармоғидаги ускуналарни таъмирлаш бўйича чилангар;
Нефть ва газ қазиб олиш бўйича оператор;
Газ тақсимлаш станцияси оператори;
Тиббий препаратларни дозаловчи;
Тиббий маҳсулотларни тахловчи;
Юқори частотали ток қурилмаларида пайвандчи;
Гипсни қиздирувчи;
Асфальтбетончи;
Новвой;
Хамир қорувчи;
Гўшт маҳсулотларини кесувчи;
Музқаймоқ тайёрловчи;
Наққош;
Йўловчи ташувчи поезд механиги-бригадири;
Тез тиббий ёрдам станцияларининг навбатчи тиббиёт ходими.
Маълумот учун, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, болаларни ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш ҳуқуқбузарни ижтимоий фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий равишда жалб этишдан иборат бўлиб, у судлар томонидан 8 соатдан 240 соатгача бўлган муддатга тайинланади.