ТОШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. Бугундан ўқишни кўчириш учун ариза олиш бошланади, дея хабар берди Таълим назорати.
Олий таълим муассасаларда (ОТМ) ўқишни кўчириш жараёнлари 15 июлдан бошланади ва 5 августга қадар давом этади.
Аризалар қуйидаги сайтлар орқали қабул қилинади:
transfer.edu.uz — давлат ОТМнинг биридан бошқасига;
my.uzbmb.uz — хорижий мамлакатларда ёки республикада фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат ОТМдан давлат ОТМларига.
Ўзбекистондаги бир ОТМдан бошқасига кўчириш учун фақат 2 та тоифа талабаларга рухсат бор:
Талаба турмушга чиқса, турмуш ўртоғининг яшаш жойидаги ОТМга;
Давлат хизматчисининг иш жойи ўзгарганда фарзанди ёки турмуш ўртоғи тегишли раҳбар тавсияномаси билан ўқишини кўчириши мумкин.
Ўзбекистоннинг ўзидаги хорижий ва хусусий ОТМ талабалари ҳам давлат ОТМига ўтиш учун имтиҳон топширади. Ўтиш баллини тўплолмаганлар "супер-контракт" билан қабул қилиниши мумкин.
Абитуриентларга ўқишга киришда бериладиган имтиёзлар "перевод"чилар учун амал қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023/2024-ўқув йилида давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш учун ўтиш баллари тасдиқланган эди.