ТОШКЕНТ, 14 июль – Sputnik. Украинанинг “Рейтинг” ижтимоий гуруҳи июнь охирида Американинг “Халқаро республика институти” (International Republican Institute, IRI) нотижорат ташкилоти буюртмасига асосан Украина назорати остидаги шаҳарлар аҳолисининг кайфиятини аниқлаш учун тадқиқот ўтказди.
Ундан маълум бўлишича, Украина фуқароларининг аксариятининг уйлари махсус ҳарбий операция давомида шикастланмаган ва улар ўз турар жойларини тарк этишни истамайди. Шунингдек, улар яшаётган шаҳар яқинида вазият кескинлашган тақдирда ҳам Украина Қуролли кучлари (УҚК) сафига қўшилиш нияти йўқ.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) маблағлари эвазига ўтказилган тадқиқотнинг бу ва бошқа хулосалари - Sputnik материалида.
Қаршилик кўрсатмоқчи бўлганлар бармоқ билан санарли
Украинанинг "Рейтинг” ижтимоий гуруҳи июнь охирида USAID молиявий кўмагида Американинг IRI нотижорат ташкилоти буюртмасига асосан Украина назорати остидаги (жумладан, Россиянинг Запорожье вилоятида) 21 та шаҳарда муқим яшаб келаётган фуқаролар ўртасида сўров ўтказди.
Тадқиқот доирасида 18 ёшдан катта бўлган 16,8 минг киши саволларга жавоб берган.
Респондентларга улар яшаб турган яқин жойда ҳарбий вазият кескинлашган тақдирда уларни нима қилишни режалаштираётгани ҳақида савол берилган. Сўровда қатнашганларнинг аксарияти кетиш нияти йўқлиги, балки ўз шаҳарларида қолишни режалаштираётганини айтган.
Шу билан бирга, УҚК сафига қўшилиш ва Россия қўшинларига қаршилик кўрсатишга тайёр бўлганлар бармоқ билан санарли холос. Қўлига қурол олишга тайёр бўлганлар Украинанинг ғарбий шаҳарларида нисбатан кўпроқ - 14-17 %. Ҳарбий вазият кескинлашган тақдирда УҚК сафига Харьковда атиги 6%, Одесса, Чернигов ва Запорожьеда - 8% , шунинггдек Николаевда - 9 %и қўшилишга тайёр.
Америка пуллари эвазига ўтказилган тадқиқот натижалари Украина пропагандаси тарқатаётган маълумотларга умуман мос келмайди.
Сайтдан олинган скриншот
© Sputnik
Бомбапаноҳгоҳлар муаммолари
Тадқиқот доирасида Украинада бомбапаноҳгоҳлар ҳалигача абгор ҳолатда экани ҳам аниқланган.
21 та шаҳардан 18 тасида тегишли саволга жавоб берганларнинг аксарияти улар “ёмон”, “жуда ёмон” ёки “мавжуд эмас” деган.
Ҳарбий хатти-ҳаракатлар кам бўлган ғарбий Ужгород ва Ивано-Франковск шаҳарларида бироз устунлик билан “жавоб беришга қийналяпман” варианти юқоридаги вариантларни ортта қолдирган. Яна иккита ғарбий шаҳарда – Тернополь ва Луцк – “жавоб беришга қийналяпман” варианти “ёмон” варианти билан бир хил овоз олган.
Ўхшаш вазият Одессада – “жавоб беришга қийналяпман” вариантини ёқлаб овоз берганлар сони “ёмон” ва “жуда ёмон” вариантини танлаганлар сони билан бир хил.
Россия турар жойларга ҳужум қиляптими... ёки йўқ?
21 та шаҳар аҳолиси уруш вақтида уларнинг уйлари зарар кўрдими деган саволга қизиқ жавоб беришган.
Улар, айниқса, Украина ҳукумати ва пропагандасининг доимий равишда Россия террорчи давлат, қасддан уй-жойларни йўқ қиляпти ва маҳаллий аҳолини геноцид қиляпти деб жар солаётган бир пайтда жуда қизиқ.
Сайтлардан олинган скриншот
© Sputnik
Хусусан, барча шаҳарларда сўровда қатнашганларнинг аксарияти Россия томонидан ўтказилаётган махсус ҳарбий операция давомида уларнинг уйига зарар етмаганини билдирган. 21 та шаҳардан 18 тасида респондентларнинг 94-100 фоизи шундай жавоб берган, Николаевда – 73 фоиз, Черниговда – 66 фоиз, Харьковда – 60 фоиз.
Зарар етди деб жавоб берган Николаевдаги 20 фоиз аҳоли зарар “унчалик катта” эмаслигини айтган. Бу вазият Чернигов аҳолисида 24 фоиз ва Харьков аҳолисида 30 фоиз.
Николаев, Чернигов ва Харьковда мос равишда 93 фоиз, 90 фоиз ва 90 фоиз уй-жой жанговар ҳаракатлар оқибатида умуман зарарланмаган, ёки бироз зарар кўрган.
Дарвоқе, сўров натижаларига кўра, аксарият респондентлар бу шаҳарларда шикастланган уй-жойни тиклаш ишлари бажарилмагани ёки қисман бажарилганини айтган.
Бу ҳақда уйига зарар етган Черниговда сўровда қатнашганларнинг 63 фоизи (34 фоиз кишининг уйи қисман тикланган, 29 фоизида умуман тикланмаган), Харьковда 79 фоизи (мос равишда 29 фоиз ва 50 фоиз), Николаевда 82 фоизи (мос равишда 20 фоиз ва 62 фоиз) маълум қилган.
Шу билан бирга, уйида қайта тиклаш ишлари бажарилганлар улар таъмирлаш ишларини Украина ҳукумати маблағи билан эмас, балки кўпроқ ўз чўнтакларидан тўлашганини айтишган.
Бу ҳақда уйига зарар етган ва Николаевда сўровда қатнашганларнинг 71 фоизи, Харьковда 45 фоизи ва Черниговда 77 фоизи маълум қилган. Николаевда респондентларнинг атиги 19 фоизи, Харьковда 46 фоизи ва Черниговда 12 фоизи қайта тиклаш ишлари давлат маблағлари эвазга амалга оширилганини айтган.
Черниговда қайта тиклаш ишлари давлат ёрдам доирасида эмас, балки кўпроқ хайрия ташкилотлари ва жамғармалари (26 фоиз) ҳамда халқаро ташкилотлар (13 фоиз) маблағи эвазига амалга оширилган.
Умуман олганда, юқорида тилга олинган учта шаҳарнинг бирортасида уй-жойни тиклашда давлат ёрдамига умид қилишмайди: уйига зарар етган ва ҳозиргача таъмирланмаган Николаев аҳолисининг 65 фоизи ўз кучи ва пули билан уйини таъмирлашни режалаштирмоқда. 47 фоиз харьковликлар ва 71 фоиз черниговликлар ҳам худди шу ниятда.
Эмиграция ҳақида ғалати жавоблар
Сўровда иштирок этганларнинг аксарияти жанговар ҳаракатлар бошлангандан сўнг Украинани тарк этган яқин қариндошларини йўқлигини тан олган – 49-72 фоиз респондент уларнинг оила аъзолари ўз шаҳрида қолганини айтган. Улар бошқа мамлакат у ёқда турсин, ҳатто Украинанинг бошқа вилоятига ҳам кўчиб кетишмаган.
Яқинлари хорижга кетган Украина фуқароларининг (сўровда қатнашган 16,8 минг кишидан тахминан 5,7 минг киши) жами 1-4 фоизи Россияга кўчиб кетгани факти қизиқ.
Шу билан бирга, БМТ бутун дунёда 6,33 миллион украиналик қочоқ борлигини айтади, шулардан 1,28 миллиони Россияга кўчиб ўтган (бошқа давлатларга қараганда энг кўп).
USAID пулларига ўтказилган сўров натижалари фақат уч нарсани айтиши мумкин: ёки Америка пулларини ҳалоллаётган тадқиқотчилар бахтли тасодиф билан қариндошлари Россияга кетмаган аҳолига дуч келишган, ёки Украина назорати остидаги шаҳарлар аҳолиси шу қадар қўрққадики, яқинлари кўчиб кетганини тан олишолмайди, ёки IRI эълон қилган тадқиқот натижаларини унчалик ҳақиқатга яқин эмас.
Бу жиҳатни қуйида тақдим этилган сўров натижаларини ҳам қабул қилишда инобатга олмоқ даркор.
НАТОга қўшилиш ва рус тили тақдири
Одамлар ҳатто аноним тарзда саволларга жавоб беришдан чўчиган, муайян натижалардан манфаатдор бўлган тадқиқотчилар якуний кўрсаткичларни “мослаштириб олиши” мумкин бўлган ҳатто бундай шароитларда – Одессада сўровда қатнашганларнинг 47 фоизи Украинанинг НАТОга қўшилишини ёқламаган. 38 фоиз харьковликлар, 31 фоиз днепрликлар ҳамда 28 фоиз николаевликлар ва запорожьеликлар ҳам қўшилмаслик учун овоз берган.
Шу билан бирга, Украина ғарбида мамлакатнинг НАТОга қўшилиши тарафдорлари талайлиги аниқланган. Львовда қўшилишни ёқлаб 92 фоиз респондент овоз берган.
Умуман олганда, сўровда қатнашиб, альянсга киришни маъқуллаганларнинг аксарияти (88-92 фоиз) Украина ғарбидаги Львов, Луцк, Ивано-Франковск, Тернополь, Ровно шаҳарларидан.
Юқорида баён қилинганларга қарамай, Украинанинг ғарбий ва жануби-шарқий ҳудудларидаги аҳолининг кайфияти ўртасидаги фарқ етарлича юқори даражада қолмоқда.
Қўшимча тарзда қайд этиш мумкинки, бу тадқиқот натижаларига кўра, Украинанинг жануби-ғарбийдаги тўртта йирик шаҳарнинг ҳамда Киев назорати остидаги Запорожьенинг аксарият аҳолиси уйда улар рус тилида гаплашишини тан олган.
Тегишли саволга Николаевда сўровда қатнашганларнинг 61 фоизи, Днепрда (собиқ Днепропетровск) 66 фоизи, Запорожьеда 67 фоизи, Харьковда 78 фоизи ва Одессада 80 фоизи “ҳа” деб жавоб берган.
Шунингдек, Киевда сўровда қатнашганларнинг 38 фоизи ва Черниговда 41 фоизи уйда рус тилида суҳбатлашинини айтган.