Ўзбекистон президенти сайлови — 2023

Мирзиёев: олдимизда турган давр — улкан ўзгаришлар даври бўлади

Президент халқнинг юксак ишончи депутат ва сенаторлар, вазир ва ҳокимлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарларидан аввалгидан икки-уч карра кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлашни талаб этишини айтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 июл — Sputnik. Олдимизда турган давр Ўзбекистон учун сиёсий, иқтисодий- ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев инаугурация давомида маъулм қилди, деб ёзмоқда давлат раҳбари матубот котиби.
Президент халқнинг юксак ишончи депутат ва сенаторлар, вазир ва ҳокимлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарларидан, ҳар бир фуқародан белни янада маҳкам боғлаб, аввалгидан икки-уч карра кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлашни талаб этишини таъкидлади.
"Олдимизда турган давр Ўзбекистон учун сиёсий, иқтисодий- ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлади. Кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих. Улар энди бизни қониқтирмайди. Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади”, деди президент.
Президент қайд этишича, бугун дунё шиддат билан, кескин ўзгариб бормоқда. Жаҳон миқёсида бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда. Айни вақтда олдиндан таҳлил қилиб бўлмайдиган жараёнлардан иборат ўта мураккаб янги бир давр бошланмоқда.
“Ер юзининг турли минтақаларида давом этаётган қуролли можаролар глобал тинчлик ва осойишталикка жиддий путур етказмоқда. Бундай низо ва тўқнашувлар, шафқатсиз рақобат савдо ва инвестиция оқимларини, товар ва хизматлар айланишини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги бўйича янги муаммолар келтириб чиқармоқда”, дея қўшимча қилди Мирзиёев.
Таъкидланишича, дунё миқёсида иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани ҳам барқарор ривожланишга кучли салбий таъсир кўрсатмоқда.
"Биз мана шундай оғир ва таҳликали вазиятда халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни – самарали ички ва ташқи сиёсат йўлини аниқ белгилаб олишимиз ва уни қатъий амалга оширишимиз лозим" – деди Шавкат Мирзиёев.
Маълумот учун, айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Ўзбекистон сайланган президентининг лавозимига киришишига бағишланган қўшма мажлиси мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови бўлиб ўтди. Унда сайловчиларнинг 87,05 фоиз овозини олган Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонди. Президент сайловида сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 15,6 миллиондан зиёди ёки қарийб 80 фоизи қатнашди.