ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Хивада Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишлаб халқаро баҳодирлар мусобақаси ўтказилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
“Хива – 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти” халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2024 йил Хивада:
мартда “Хива – 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти” халқаро тадбири;
май ойида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг XII сессияси ўтказилади.
Шунингдек, 2023–2024 йилларда қуйидаги тадбирлар ташкил этилади:
“Taste of Uzbekistan Festival” шиори остида гастрономик фестиваль;
Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган “Strongmen” халқаро баҳодирлар мусобақаси;
“Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар.
Шунингдек, халқаро тадбир логотипи ҳамда Хива шаҳри ҳақида ўзбек, рус, инглиз, араб ва француз тилларида қўлланма ишлаб чиқилади.
2023 йил октябрда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг туристик ташкилотлари, ОАВ вакиллари, блогерларни жалб қилган ҳолда Хоразм вилояти бўйлаб инфотур ташкил этилади.