Хитой Қуръонни ёқиб юборилишини кескин қоралади

Хитой Қуръонни ёқиб юборилишини кескин қоралади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Хитой Қуръоннинг ёқиб юборилишини кескин қоралайди ва исломофобиянинг ҳар қандай кўринишига қарши чиқади, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Венбин пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда.
Чоршанба куни эрталаб Қуръон ва бошқа муқаддас китобларнинг ёқиб юборилишини қораловчи ва давлатларни бундай ҳаракатлар айбдорларини жиноий жавобгарликка тортиш учун қонуний чоралар кўришга чақирувчи резолюция БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан қабул қилинганди. 47 давлатдан 12 таси резолюцияга қарши овоз берди: Бельгия, Чехия, Финляндия, Франция, Германия, Литва, Люксембург, Черногория, Руминия, Буюк Британия, АҚШ ва Коста-Рика.

“Хитой маълум давлатда Қуръон ёқиб юборилишининг такрорланишини кескин қоралайди”, — деди дипломат.

Ван Вэньбинь Хитой ҳар доим исломофобиянинг ҳар қандай кўринишига қарши эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “сўз эркинлиги” цивилизациялар ўртасидаги қарама-қаршиликни қўзғатиш учун баҳона бўлмаслиги керак, турли диний эътиқод ва туйғуларни ҳурмат қилиш зарур.
Стокголмда Қурбон ҳайитини нишонлаш чоғида Қуръоннинг таҳқирланиши ва ёқиб юборилгани дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенг резонансга сабаб бўлди. Ироқ Швеция расмийларидан ҳаракатни содир этган мигрантни экстрадиция қилишни талаб қилди, уни суд қилиш учун ўнлаб ироқликлар Бағдоддаги мамлакат элчихонаси яқинида намойишга йиғилди. Воқеа шунингдек, Жазоир, Афғонистон, Миср, Индонезия, Ливан, Сурия, Туркия, Ўзбекистон, Араб давлатлари лигаси бош котиби Аҳмад Абул Гайт ва Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Жассим ал- Будаиве томонидан қораланди. Иордания ва БАА ташқи ишлар вазирликлари Швеция элчиларини чақириб, уларга норозилик нотасини тақдим этишди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳодиса иштирокчиларининг жазосиз қолиши олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ва жаҳон ҳамжамияти бундай ноқонуний ҳаракатларга қаршилик кўрсатиши кераклигини билдирди.
Шавкат Мирзиёев Швецияда Қуръони карим ёқиб юборилганини ёвуз ҳаракат деб атади ва кескин қоралади. Унинг сўзларига кўра, ер юзидаги миллионлаб инсонларнинг дину диёнати, эзгу ҳиссиётларини ҳақорат қиладиган бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди.
Июн ойи охирида Путин Дербентдаги дунёдаги энг қадимги масжидлардан бири ҳисобланган Жума масжидига ташриф буюрганди. У ерда унга Қуръон совға қилинди. Давлат раҳбари Қуръонга ҳурматсизлик Россияда жиноят саналиши ва мамлакатда ҳамиша ушбу қонунчилик қоидаларига амал қилишини айтганди.