Самарқандда итни сувга улоқтирган ва буни тасвирга олган шахслар жаримага тортилди

ИИБ: Итни сувга улоқтирганларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликлари учун чора кўрилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Самарқандда итни сувга улоқтирган ва жараённи тасвирга олган шахслар аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси (ИИБ) ахборот хизмати бошлиғи Жаҳонгир Сагдуллаев хабар берди.
Куни кеча ижтимоий тармоқларда итни сувга улоқтираётган шахслар акс этган видео тарқалди.
Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи маълум қилишича, бу ҳуқуқбузарларга чора кўрилди.

“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасида (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликлари учун чора кўрилди”, - деб ёзди Сагдуллаев.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасига кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача (990 минг сўмдан - 1 млн 650 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача (1 млн 650 минг сўмдан - 3,3 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.