Россияда ўтказилган халқаро фестивалда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдим этилди

“Халқлар дўстлиги” халқаро фестивалида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Россиянинг Новосибирск вилояти Ординский туманида ўтказилган “Халқлар дўстлиги” халқаро фестивалида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.
Тадбирда Новосибирск вилоятида жойлашган хорижий дипломатик ваколатхоналар, Сибир федерал округи давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари ҳамда минтақадаги турли миллат ва элат вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Бош консуллиги дипломатлари тақдимот давомида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатнинг бой сайёҳлик салоҳияти, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарлардаги тарихий обидалар ҳақида батафсил маълумотлар берди. Шунингдек, “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” тарғибот кампаниясининг аҳамияти алоҳида урғуланди.
Иштирокчиларга, шунингдек, Ўзбекистоннинг иқлим шароитларидан келиб чиқиб тўрт фаслни қамраб оладиган туризм йўналишлари, янги фойдаланишга топширилган меҳмонхона ва бошқа инфратузилма объектлари ҳақида сўзлаб берилди. Ўзбек халқининг миллий қадриятлари, маданияти ва урф-одатлари, хусусан ўзбек миллий таомлари алоҳида таъкидланди.
Тадбирнинг маданий қисмида ўзбек куй-қўшиқлари ижро этилди.