ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Украина армиясига F-16 қирувчи самолётлари берилишини Россия ядровий соҳадаги таҳдид сифатида кўради. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.
“Воқеаларнинг ғоят хавфли ривожланиши намунаси – АҚШнинг Киев режимига F-16 қирувчиларини беришга оид режалари”, - деди Лавров “Лента.ру” нашрига берган интервьюсида.
Лавров Россия томони ядро қуролига эга мамлакатлар АҚШ, Британия ва Францияга Америка қирувчилари ядро каллаклари билан жизоҳланган қуролни ташишга қодирлигини эътиборсиз қолдира олмаслиги борасидаги позициясини билдирган.
Унинг сўзларига кўра, Россия ҳарбийлари жанг вақтида у ёки бу самолётда қандай ускуна ёки қурол-яроғ ортилганини қараб ўтирмайди.
“Украина Қуролли кучларида бундай тизимларнинг пайдо бўлиши фактининг ўзини биз Ғарб томонидан ядровий соҳадаги таҳдид сифатида кўрамиз”, - деди Россия ТИВ раҳбари.
11-12 июль кунлари Вильнюсда бўлиб ўтган НАТО саммитида альянсга аъзо мамлакатлар F-16 самолётларини бошқариш учун украиналик учувчиларни тайёрлашга оид коалиция ташкил этилганини маълум қилишди.
Россия ТИВ Ғарб мамлакатларининг Киев режимига F-16 қирувчиларини бериш режаларини вазиятни кескинлаштиришга қаратилган ҳаракат деб атади. Кремль ўз навбатида Россия қўшинлари F-16 самолётларини бошқа Ғарб техникалари сингари йўқ қилишидан огоҳлантирди.