Қашқадарёда фуқаро уйида Қизил китобга киритилган эчкиэмар ва тошбақаларни сақлаб келган

Бундан ташқари, бу фуқаро иккита кўлвор илонни ўлдириб, ҳовлисига осиб қўйганлиги ҳам маълум бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Қашқадарё вилояти Нишон туманида фуқаро уйида Қизил китобга киритилган эчкиэмар ва тошбақаларни ноқонуний сақлаб келгани аниқланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят Экология бошқармаси ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида рейд ўтказган. “Балхияк” МФЙда ўтказилган рейд давомида фуқаро А. Қ. ўз хонадонида тўққизта бўз эчкиэмар ва бешта Ўрта Осиё чўл тошбақасини ноқонуний сақлаб келаётгани аниқланган. Аниқлик киритилишича, тошбақалардан бири нобуд бўлган.
Бундан ташқари, бу фуқаро 2 та кўлвор илонни ўлдириб, ҳовлисига осиб қўйганлиги ҳам маълум бўлди.
Судралиб юрувчилар яшаш муҳитига мос бўлган Нишон туманидаги чўл ҳудудларига қўйиб юборилган.
Ўрганиш давомида А.Қ. ҳайвонот дунёсига қарийб 51,5 млн сўм зарар етказганлиги аниқланган. Бу ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юбориш учун тайёрланмоқда.
Маълумот учун, бўз эчкиэмар ва Ўрта Осиё чўл тошбақаси Ўзбекистон Қизил китоби ҳамда CITES конвенцияси (йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция)га киритилган.