Мирзиёев Туркия Буюк миллат мажлиси Ташқи алоқалар қўмитаси раисини қабул қилди

Туркия томони Ўзбекистон президентининг аҳоли фаровонлигини ошириш ва мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган прагматик сиёсатини юксак баҳолашини қайд этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Буюк миллат мажлиси Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Фуат Октай бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Фуат Октай
Маълум қилинишича, учрашувда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Туркия томони Ўзбекистон президентининг аҳоли фаровонлигини ошириш ва мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган прагматик сиёсатини юксак баҳолаши ва тўлиқ қўллаб-қувватлаши қайд этилди.
Музокаралар чоғида парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ҳамда олий даражада қабул қилинаётган қарорлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мирзиёев парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларини ташкил этиш ва тегишли “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш юзасидан эришилган келишувларни олқишлади.
Шунингдек, учрашувда ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва авиақатновларни кўпайтириш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, қўшма маданий-гуманитар тадбирларни ўтказиш бўйича мувофиқлашган чоралар кўрилиши муҳим экани таъкидланди.