ТОШКЕНТ, 13 июль – Sputnik. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Владимир Путин билан шахсий учрашувда Россиядан амфибия самолётларини сотиб олишни муҳокама қилишни режалаштираётганини айтди. РИА Новости хабарига асосан.
“Биз жаноб Путин билан шахсий учрашувда уларнинг бир нечта амфибия самолётларини сотиб олиш масаласини муҳокама қилишимизни кутамиз, чунки улар ёнғинларни ўчиришга жуда катта таъсир кўрсатади”, — деди журналистларга Эрдўғон Вильнюсдаги НАТО саммитидан қайтгач.
Туркия раҳбарининг эслатишича, ҳукумат ёнғинларни ўчириш учун жиҳозланган самолётлар ва вертолётлар сотиб олишни аллақачон молиялаштирган, бироқ уларга Россияда сотиб олинган яна икки ёки учта амфибия қўшилса, бу самаралироқ бўлади.
Туркиянинг аксарият қисмида иссиқлик 30 даражадан ошиб кетди, жума куни баъзи ҳудудларда у ортиқча 44 даражага етиши кутилмоқда.
Мамлакатнинг турли ҳудудларида деярли ҳар куни ўрмон ёнғинлари содир бўлмоқда. Февраль ойида Россиянинг Бе-200 самолётлари Яхачи аҳоли пункти ва Искендерун порти ҳудудида зилзилалардан кейин юзага келган ёнғинларни ўчиришга ёрдам берган эди.
2021 йилда Анқара илтимосига кўра, Москва ўрмон ёнғинларини ўчириш учун Туркия жанубига Мудофаа вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 11 та самолётдан, шу жумладан, учта Бе-200 самолётидан иборат бирлашган ҳаво гуруҳини жўнатган эди.