ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган Юй Цзюньнинг ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олди.
Хитойнинг Ўзбекистондаги янги элчиси ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов билан учрашди
© пресс-служба МИД Республики Узбекистан
“Икки томонлама ҳамкорлигимизда кўплаб натижаларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Янада кўпроғи олдинда. Ўзбекистон-Хитой алоқалари юқори суръатда ривожланмоқда, мавжуд салоҳият эса унданда юқори. Хуш келибсиз, жаноб Элчи!”, деб ёзмоқда ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram-каналида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Юй Цзюнь Хитойнинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинлангани маълум қилинган эди.
Юй Цзюнь 1972 йил август ойида туғилган. Хитой Коммунистик партияси аъзоси, олий маълумотли. Ташқи ишлар вазирлигининг тегишли департамент ва бошқармаларида, шунингдек, хориждаги элчихоналар ва консулликларда ишлаган.
Янги элчининг сўзларига кўра, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Хитойнинг Ўзбекистонга нисбатан ташқи сиёсатига қатъий содиқ бўлади, Ўзбекистон жамиятининг хайрихоҳ вакиллари билан ҳамкорликда иш олиб боради.
Аввалроқ Хитой элчиси Цзян Янь Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаётгани маълум қилинганди. У Ўзбекистонда 5 йил ишлаган.