"Вагнер" қуролларини топширди — видео

Россия Мудофаа вазирлиги "Вагнер"дан 2 мингдан ортиқ ҳарбий техника, 2,5 минг тонна ўқ-дорилар ва бошқа қурол-аслаҳа қабул қилиб олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Россия Мудофаа вазирлиги режага мувофиқ "Вагнер" гуруҳидан қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қабул қилиш жараёнини якунламоқда.
2 мингдан ортиқ ҳарбий техника бирликлари ва қуроллар, шу жумладан, юзлаб Т-90, Т-80, Т-72Б3 танклари, "Град", "Ураган" ёппасига ўт очиш реактив тизимлари, "Панцир" ҳаво мудофаа тизими, "Гвоздика", "Акация", "Гиацинт", "Тюльпан" ўзиюрар артиллерия мосламалари ва гаубицалар, зирҳли транспорт воситалари ва бошқалар қабул қилиб олинди;
Олинган техникалардан орасида ўнлаб машиналар ҳеч қачон жанговар шароитларда ишлатилмаган;
2,5 минг тоннадан ортиқ турли ўқ-дорилар ва 20 мингга яқин ўқотар қуроллар бор.
"Барча ҳарбий техника дастлаб мамлакат ичида жойлашган таъмирлаш ва тиклаш бўлинмаларига юборилади. Фойдаланишга тайёргарлиги текширилгани ва техник хизмат кўрсатилганидан сўнг улардан белгиланган мақсадда фойдаланилади", - дейилади хабарда.
"Вагнер" исёни

Маълумот учун, 24 июнга ўтар кечаси "Вагнер" қўшинлари Ростов-Дондаги Жанубий ҳарбий округи штабини эгаллаб олди ва ҳарбий колонна Москва томон йўлга чиққанини эълон қилди.

Россия президенти Владимир Путин хусусий ҳарбий компания ҳаракатларини "хоинлик" деб атади ва Пригожинга қарши "қуролли исён" уюштиргани учун жиноий иш очилди.

Кейинчалик Беларусь президентининг матбуот хизмати Александр Лукашенко Владимир Путин билан келишган ҳолда Пригожин билан музокаралар ўтказиб, ҳарбий колоннани орқага қайтаришга кўндирганини хабар қилди. Пригожиннинг ўзи эса Беларусь ҳудудига чиқиб кетган.

"Вагнер" аскарлари ушбу ҳаракатларда иштирок этгани учун жиноий жавобгарликка тортилмаслиги эълон қилинди ва уларга Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш таклиф қилинди.