ТОШКЕНТ, 12 июл – Sputnik. Қарийб 7 минг чет эл фуқаролари “Нолегал-2023” операцияси доирасида Россиядан чиқариб юборилди, миграция қонунчилиги бўйича 45 минг қоидабузарликлар аниқланди, деб хабар берди Мусофир/Мигрант Telegram - канали РФ ИИВ матбуот хизматига асосан.
Россия Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Ирина Волкнинг маълум қилишича, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари КХШТга аъзо давлатлардаги ҳамкасблари билан биргаликда “Нолегал-2023” операциясининг биринчи босқичини амалга оширган.
Асосий ҳаракатлар мамлакатлар ҳудудида “миграция вазиятини барқарорлаштириш”га қаратилган. Шунингдек, ноқонуний миграция каналларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича амалий вазифалар ҳал этилган.
Расмий вакилнинг қайд этишича, амалиёт давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 45 мингга яқин миграция қоидабузарликларини аниқлаган. 33 мингдан ортиқ ҳолат Россияга кириш, чиқиш, транзит ўтиш ва бўлиш қоидаларини бузишга алоқадор. Шунингдек, хорижликлар томонидан 12 мингдан ортиқ меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартибини бузиш ҳолатлари қайд этилган.
“Хорижий фуқароларга нисбатан Россия Федерациясидан маъмурий чиқариб юбориш ва депортация қилиш тўғрисида етти мингга яқин қарор қабул қилинди. Ноқонуний миграцияни ташкил этиш, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи, қурол-яроғнинг ноқонуний муомаласи, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш бўйича икки мингдан ортиқ жиноий иш қўзғатилди. 273 нафар шахс федерал ва халқаро қидирувга берилган”, — деди Волк.