Қўқонда илк марта туркий тилли ёшлар фестивали ўтказилмоқда — фото

Кеча Қўқон шаҳрида жойлашган “Kokand University” биносида мазкур тадбирнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Жорий йилнинг 11-15 июль кунлари Фарғона вилоятида “Туркий тилли ёшлар халқаро фестивали” ўтказилмоқда. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги хабар берди.
Ушбу фестиваль Ўзбекистон президентининг “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил қилинмоқда.
11 июль куни Қўқон шаҳрида жойлашган “Kokand University” биносида мазкур тадбирнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
“Мамлакатимиз президенти ташаббуси билан туркий тилларда сўзлашувчи давлатлар ёшлари ўртасида ушбу фестиваль ҳар икки йилда доимий ўтказилиши белгиланди. Бу орқали ёшлар ўртасида турли ғояларни муҳокама қилиш, манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда энг муҳими, улар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга эътибор қаратганмиз”, - деди Маданият ва туризм вазирлиги бошқарма бошлиғи Заррина Абдуллаева.
Фестиваль доирасида 3 кун давомида китобхонлик куни, миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари, маданий-кўнгилочар тадбирлар, ёшлар учун бизнесни ташкил қилиш, ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича давра суҳбатлари, ёшлар билан таниқли театр ва кино ижодкорларининг ижодий мулоқотлари, Ўзбекистондаги элчихона консуллари билан фестиваль иштирокчиларининг учрашувлари ташкил этилади.