Қайта тикланувчи энергия фойдаланувчиларига солиқ имтиёзи берилади

Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахсларни мол-мулк солиғидан, қурилмалар билан банд бўлган ерлар бўйича ер солиғидан озод этилиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбасидан фойдаланувчилар қатор солиқлардан озод этилиши мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида тегишли қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Ҳужжат билан умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланадиган энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланган ҳолда умумий тармоққа сотилган электр энергиясидан олинадиган даромадларни фойда солиғидан озод этиш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахсларни мол-мулк солиғидан, қурилмалар билан банд бўлган ерлар бўйича ер солиғидан озод этиш назарда тутилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллигини бартараф этиш, бу борадаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини белгилаш имконини беради.