ТОШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Самарқанд вилоятидаги Регистон ансамбли ва Шоҳи Зинда мажмуаси “Диққатга сазовор туристик объектлар бутунжаҳон рўйхати”га киритилди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Куни кеча Самарқанддаги Регистон ансамблининг Улуғбек мадрасасида “Диққатга сазовор туристик объектлар бутунжаҳон рўйхати”га киритилганлиги тўғрисида сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди.
Сертификатларни топшириш маросимида Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Владимир Пискурев ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов иштирок этди.
2017 йилнинг 7 ноябрь куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё Маданият, фан ва таълим кенгашининг иккинчи сессиясида “Жамиятлар, халқлар ва миллатларнинг барқарор ривожланиши учун туристик диққатга сазовор жойларни рағбатлантириш тўғрисида”ги Конвенция қабул қилинди. Конвенцияни амалга ошириш доирасида Туризмнинг жозибадорлиги ва туризмни барқарор ривожлантириш бўйича халқаро қўмита тузилди.
Халқаро қўмита фаолиятининг асосий масалаларидан бири туристик диққатга сазовор жойларни оммалаштириш, жамиятлар, халқлар ва миллатларнинг барқарор ривожланиши манфаатлари йўлида туристик ҳудудларни тарғиб қилишдан иборат.
Муайян объектни махсус туристик диққатга сазовор жойларнинг Жаҳон рўйхатига киритиш тўғрисидаги қарор Туризмни барқарор ривожлантириш бўйича халқаро қўмита сессияси томонидан овоз бериш йўли билан қабул қилинади.
Бугунги кунга қадар Ўзбекистоннинг 4 та тарихий диққатга сазовор жойлари ушбу рўйхатга киритилган.