Ўзбекистонда "яшил" водород ишлаб чиқарувчи биринчи завод ишга туширилади — манзил

Қурилиш ишлари шу йилнинг кузида бошланиши режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Ўзбекистонда "яшил" водород ишлаб чиқарувчи биринчи завод ишга туширилади. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ACWA Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунаян билан музокаралар ўтказди.
Бугунги кунда компаниянинг мамлакатдаги инвестиция портфели умумий қиймати 6,8 миллиард доллардан ортиқ ва умумий қуввати 5,5 ГВт дан ортиқ бўлган 8 та лойиҳадан иборат.

"Компания муваффақияти Ўзбекистонни қулай инвеститсявий йўналиш ва Марказий Осиё минтақасида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича етакчи марказ сифатида илгари суришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди", - дейилади хабарда.

Қуйидаги станцияларни қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш муҳокама қилинди:
Сирдарё вилоятида қуввати 1,5 ГВт бўлган буғ-газ электр станцияси;
Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон республикасида умумий қуввати 2,6 ГВтга тенг шамол электр станциялари;
Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 1,4 ГВт қувватга эга қуёш станциялари.
Алоҳида тартибда бир қатор янги ташаббуслар кўриб чиқилди. Шу тариқа, томонлар зарур жараёнлар якунлангани ва йилига 3 минг тонна қувватга эга “яшил” водород ишлаб чиқарувчи завод қурилиши лойиҳаси бўйича янги келишувлар тузилганини олқишлади.
Қурилиш ишлари жорий йилнинг кузида бошланиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, шамол турбиналари учун ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳасини жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Иккала томоннинг фикрига кўра, мазкур лойиҳанинг Ўзбекистонда амалга оширилиши қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш географияси ва ҳажмларини сезиларли даражада кенгайтиради ва мазкур технологияларнинг ички бозорда оммабоплигини оширади.