ТОШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. НАТО Совуқ уруш давридан бери биринчи марта Россиянинг эҳтимолий ҳужумига жавоб бериш режасини келишиб олди. Бу ҳақда Reuters агентлиги уч дипломат сўзларига таяниб хабар берди.
“НАТО иттифоқчилари Россия ҳужумига қандай жавоб қайтариши мумкинлиги бўйича минтақавий режалар келишувига эришдилар…”, — дейилган хабарда.
Нашр буни муҳим силжиш деб атамоқда ва ташкилот Совуқ уруш давридан бери биринчи марта бундай ҳужжат тайёрлашга қарор қилганини таъкидлайди.
Май ойида Reuters агентлиги берган хабарга кўра, 11-12 июль кунлари Вильнюсда бўлиб ўтадиган саммитда НАТО Россия чегаралари яқинида ҳарбий кучларни кучайтириш бўйича янги режаларни маъқуллаш ниятида эди. Бундан ташқари, блок аъзолари ҳарбий идоралар ва жамоавий қўмондонлик ўртасидаги алоқалар даражасини кучайтириш, шунингдек, Москва билан зиддият юзага келган тақдирда бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш масалаларини муҳокама қилишади.
Сўнгги йилларда Россия НАТОнинг ғарбий чегараларида мисли кўрилмаган даражадаги фаоллигини қайд этмоқда. Кремль Москва ҳеч кимга таҳдид қилмаслигини, лекин унинг манфаатларига потенциал хавфли бўлган хатти-ҳаракатларни эътибордан четда қолдирмаслигини бир неча бор таъкидлаган.
Россия, шунингдек, Владимир Зеленскийнинг Украинани иттифоққа қабул қилиниши ҳақидаги мунтазам илтимосларидан хабардор. Президент матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Москва вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда ва айнан Киев режимининг иттифоққа қўшилиш мақсади махсус операция бошланишига сабаб бўлганини эслайди.