ТОШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Ўзбекистон Инвестиция вазирлигида янги инвесторларнинг ҳар бирига ҳамроҳлик қилиш учун "инвестиция менежери" лавозими жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Инвестиция менежерлари бевосита вазирга бўйсунади ва хорижий инвесторлар билан доимий алоқада бўлиб, келиб тушган масалаларни ҳал қилиб боради. Хорижий келишувлар доирасидаги инвесторлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилади.
Йиғилишда инвестиция ва ташқи ишлар вазирларининг барча ўринбосарларига инвестиция менежерлари билан бирга шу тизим асосида жами 437 нафар инвестор билан амалий ишларни бошлаб, жорий йилнинг ўзида қўшимча 3 млрд доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Қайд этилишича, инвестиция жалб қилиш бўйича Венгрия, Покистон, Таиланд, Чехия ва Япония билан ҳамкорликда ўсиш кузатилган. Бу давлатлардан ўтган йили 40 млн долларлик инвестиция жалб қилинган бўлса, жорий йилнинг ўзида бу кўрсаткич 450 млн долларга кўпайган. Лекин, Миср, Эрон, Испания, Ҳиндистон ва Бельгия давлатларидаги элчилар фаолиятида ҳали натижа кўринмаётгани таъкидланди.
Шунингдек, президент вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан шакллантирилган инвестиция лойиҳалари уларнинг салоҳияти ва имкониятларига мос эмаслигини қайд этган. Сўнгги икки ойда саноати паст ривожланган 60 та туманга консалтинг компаниялари жалб қилиниб, лойиҳа гуруҳлари билан бирга 6,5 млрд долларлик 2 мингдан зиёд истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Масалан, Пахтачи туманида ўтган олти ойда 5 млн долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинган бўлса, консалтинг компания икки ойда 165 млн долларлик 40 дан зиёд лойиҳаларни туман ҳокимига тақдим қилган.
"Барча ҳокимлар бир масалани эшитиб олсин. Токи ҳоким ҳар бир лойиҳанинг ичига кириб, ўзи инвестиция билан шуғулланмаса, аҳвол ўзгармайди", — деди Мирзиёев.
Йиғилишда Инвестиция, ташқи савдо ва саноат вазирлигига йил якунига қадар барча туман ва шаҳарларда ҳамда тармоқларда 30 млрд долларлик янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш топшириғи берилди. Бунинг учун барча туман ва шаҳарлардаги лойиҳа гуруҳлари консалтинг компаниялари билан бирга "изланиш — ишлаб чиқиш — амалга ошириш" тамойили асосида янги лойиҳаларни шакллантиради. Бу мақсадларга 15 млн доллар йўналтирилади.
Ишлаб чиқилган лойиҳаларни хорижий инвесторларга тақдимот қилиш учун йил якунига қадар ҳар бир вилоятда ҳудудий инвестиция форуми ўтказилади.