ТОШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. 2025 йилда Бухорода илк Биеннале бўлиб ўтади. Бу ҳақда Президент администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Биенналени ўтказиш мақсадларидан бири — Ўзбекистоннинг халқаро санъат ҳамжамиятига қўшилиши ҳамда унинг жаҳон миқёсида маданий-тарихий нуфузини юксалтириш.
Таъкидланишича, Биеннале ташкил этиш ва ўтказиш асносида маҳаллий ва хорижий усталар ҳамда ижодкорларнинг мулоқот қилиш имкониятлари яратилади. Бу эса мутахассислар ўртасида тажриба алмашишга, шунингдек, анъанавий ҳунармандчилик салоҳиятларини замонавий руҳда очиб беришга замин яратади.
“Олдимизда ушбу лойиҳани амалга ошириш вазифаси турибди. Ишонаман, Бухорода илк Биенналени ўтказиш халқаро ҳамжамият эътиборини қозонади ҳамда қадимий ва тарихий шаҳримизни мутахассис ва сайёҳлар томонидан янада кенгроқ кашф этилишига ёрдам беради”, - дея ёзди Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида.