ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан самимий табриклаб, дўст Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади. Бу ҳақда Мирзиёевнинг матбуот хизматида хабар берилди.
Телефон орқали мулоқотда кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Бўлажак олий даражадаги учрашувга тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди. Иқтисодий кун тартибидаги масалаларни икки мамлакат ҳукуматлари даражасида пухта ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Халқаро ташкилотлар, шу жумладан Қўшилмаслик ҳаракати ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Унда олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг бўлажак йиғилишига биргаликда ҳар томонлама тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳақида сўз борди.
Суҳбат аввалида Туркия президенти Мирзиёевни муддатидан илгари президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан дилдан қутлади, сайловчиларнинг овоз беришдаги фаол иштирокини ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланганини таъкидлади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, муҳим инвестиция лойиҳалари ва гуманитар дастурларни амалга оширишга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 9 июль куни, муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови бўлиб ўтди. Президент сайловининг дастлабки натижаларига кўра, сайловда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан (ЎзЛиДеП) номзод Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонди. Мирзиёев 87,05 фоиз овоз олиб, Ўзбекистон президенти этиб сайланди.