ТОШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. Украина Қуролли кучлари (УҚК) қарши ҳужуми муваффақиятсизликка учраган тақдирда Владимир Зеленский музокараларга киришиши ва тинчлик эвазига ҳудудларни “алмаштириши” керак бўлади. Бу ҳақда Британиянинг "Guardian" газетаси шарҳловчиси Саймон Тисдалл маълум қилди.
“Агар ҳозирда давом этаётган қарши ҳужум муваффақиятга олиб келмаса, қурол-яроғ захиралари тугаса, янги қишки энергия инқирози бошланиб, Ғарб жамоатчилигининг қўллаб-қувватлаши янада пасайса, Зеленский музокаралар олиб боришга, ҳатто ҳудудларни тинчлик эвазига алмашишга мажбур бўлиши хавфи бор”, — дейди Тисдалл.
Журналистнинг фикрига кўра, УҚКнинг мағлубияти нафақат Украина, балки бошқа давлатлар учун ҳам “ҳалокатли” оқибатларга сабаб бўлади. Бундан ташқари, Киев мағлубияти Тайван масаласига ҳам таъсир қилади, деб ҳисоблайди у.
УҚКнинг қарши ҳужуми 4 июнь куни бошланган. Шу вақт ичида Украина ҳарбийлари ҳеч бир йўналишда муваффақиятга эриша олмадилар, аксинча, аскарлар ва ҳарбий техника борасида катта йўқотишларга дуч келишди.