ТОШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. Ўзбекистонда сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. 7 июль куни президент имзолаган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартишлар киритилди.
Шунга кўра:
Мувофиқликни баҳолаш қоидаларини мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан бузиш, агар бу техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулот чиқарилишига ёки мувофиқликни баҳолашни амалга ошириш учун маҳсулотни тақдим этган жисмоний ёки юридик шахсга зарар етказилишига олиб келса:
мансабдор шахсларга БҲМнинг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда (3 млн 300 минг сўмдан 13 млн 200 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.
Мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса:
мансабдор шахсларга БҲМнинг 40 бараваридан 80 бараваригача миқдорда (13 млн 200 минг сўмдан 26 млн 400 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.
Илгари бундай норма мавжуд эмас эди.