ТОШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Сирдарёда 21 ёшли Саидисломбек Абдулқосимзода чўкиб кетаётган она ва болани қутқариб қолди, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги.
Қайд этилишича, 6 июль куни 21 ёшли Саидисломбек Абдулқосимзода Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи “Жанубий Мирзачўл” каналида она ва болани чўкаётганини кўриб қолган. Шундан сўнг дархол уларни қутқариб, ҳаётларини сақлаб қолган.
Унинг сўзларига кўра, чўкиб кетаётган одамни қутқармаслик, кўриб ўтиб кетиш "номардлик" бўларди. У олдин болани, кейин унинг онасини сувдан олиб чиққан.
"Канал атрофига югургани чиқаман, имтиҳонга таёрланаман. Чўкаётганларни кўрган заҳоти ҳаёлимда фақат тезроқ кўмаклашиш бўлди. Ўзим ҳам чўкишимга оз қолди" - дейди қаҳрамон.
Қаҳрамонни аллақачон тақдирлашга ҳам улгуришди. Сирдарё вилояти ҳокими ва вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Ғулом Мухамедов она ва боланинг холидан хабар олиб, Саидисломбек ва унинг ота билан учрашди. Учрашув давомида Саидисломбекка вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг "Фахрий ёрлиғи" ва эсдалик совғалари билан топширилди.