Малайзия Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги таржимасини чоп этмоқчи

Малайзия ва Ўзбекистон Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги таржимасини Малайзияда нашр қилиш бўйича келишувга эришди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Малайзияда Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги таржимаси чоп этилади, дея хабар берди "Дунё" АА.
Қайд этилишича, Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Малайзияда жойлашган дунёнинг иккинчи энг йирик Қуръони Карим босмахонаси - "Nasyrul Quran" маърифий мажмуасига ташриф буюрди.
Мажмуа директори Абдуллатиф Мираса хаттотлик йўналишда тажриба алмашишни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди.
"Мулоқотда Малайзия томони ва Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби ҳамкорлигида Қуръоннинг ўзбек тилидаги таржимасини Малайзияда нашр қилиш бўйича келишувга эришилди", дейилади хабарда.
Учрашув давомида Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби томонидан тақдим этилган Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги таржимаси ва 6 жилдлик "Тафсири ирфон" (Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча таржимаси ва тафсири) Малайзия томонига беғараз тақдим қилинди.