Сунъий қон ва бахтсиз ҳодисалар — фильмлардаги махсус эффектлар қандай яратилади?

1990 йилларда қон помидор шарбати, кетчуп ёки бўёқ билан алмаштирилган. Аммо буларнинг барчаси саҳна майдонини ва реквизитларни ифлос қилган. Ҳозир бундай эмас.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Бахтсиз ҳодисалар, ёнғинлар, сув тошқини ва жанг саҳналари баъзан экранда қўрқинчли даражада ҳақиқий кўринади. Кинодаги қон излари нимадан тайёрланади, актёрлар қандай қарийди ва жароҳатланган одамларни ким тасвирлайди. Бу саволларга жанговар фильм режиссёри Питер Валентино жавоб берди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Одатда, бахтсиз ҳодиса ва таъқиб акс этган саҳналар икки босқичда суратга олинади: машина кўчада тезлик билан ҳаркатланади, лекин ҳайдовчининг юзи кадрда кўрсатилмайди, кейин қаҳрамон диққатни жамлаган ҳолда транспорт рулини айлантираётгани акс эттирилади.
Машинадаги портлашлар ҳар доим ҳам виртуал бўлавермайди.
“Биз тутун бомбаларини жойлаштирамиз ва уларни бирма-бир портлатамиз. Бундан ташқари, керосин билан тўлдирилган идишлар каскадёрларга нисбатан яқин жойда портлаши мумкин. Аммо характер қўзғатадиган катта портлашлар бутунлай яшил экранда амалга оширилади”, дейди режиссёр.
“Александровец” ҳарбий-тарихий клуби вакили Михаил Кратюкнинг айтишича, кадрда пайдо бўладиган жанговар қуроллар турли йўллар билан суратга олиш майдонига келиб тушади.

“Улар ўткир эмас ва тутқичи заифлаштирилган бўлади, маълум бир ҳаракат билан у шунчаки бузилиши мумкин. Шунингдек, биз шахсий коллекциялардаги асл қуроллардан фойдаланамиз. Унинг эгаси майдонга келиб, пичоқни актёрнинг қўлига бериб, суратга олингандан кейин яна олиб кетади”, — дея қўшимча қилади Кратюк.

Ўқотар қуролларда вазият бошқача. Уруш ҳақидаги фильмларда энг яқин бўлинмаларнинг аскарлари суратга олинади, улар милтиқни қандай тутишни билишади.
Визажист Лариса Лобанованинг сўзларига кўра, юздаги жароҳатлар, чандиқлар ва ёшга боғлиқ ўзгаришлар бўяниш орқали яратилади. Аммо оёғи ёки қўли бўлмаган персонажлар учун ногиронлиги бўлганлар жалб қилинади.
1990 йилларда қон помидор шарбати, кетчуп ёки бўёқ билан алмаштирилган. Аммо буларнинг барчаси саҳна майдонини ва реквизитларни ифлос қилган. Ҳозир бундай эмас.
“Мисол учун, "Вампиры средней полосы" серияси учун сунъий қоннинг беш тури топилган. Бири жанжал ва қотиллик излари учун ишлатилган. Иккинчиси терига яхши ёпишган. Учинчиси кийимларга қўлланилган. Тўртинчиси ичиш учун мўлжалланган. Лекин у билан боғлиқ муаммолар бор эди”, дейди мутахассис.
Айтилишича, қуюқ қизил суюқлик жуда ширин бўлиб, қон ичиш саҳналарида актёрлар қийналишган, чунки улар чидаб бўлмас шакарли ичимликни завқ билан ҳўплашлари керак бўлган. Кейин муаллифлар махфий рецепт бўйича кисел тайёрлашган: у худди шундай кўринарди, лекин ширин эмас.
Таъкидланишича, пиротехника воситаларидан петардалар энг кўп ишлатилади. Улар зарбаларга тақлид қилишади. Портлаш товушлари актёрлар сценарий бўйича содир бўлаётган воқеаларга табиий равишда муносабатда бўлишлари, хавфни хис қилишлари учун амалга оширилади.
Сув саҳналари эса бироз қийинроқ. Чунки актёрлар вақти-вақти билан сув остида бўлишлари керак. Улар аквалангистлар малакасини эгаллайдилар, машқ қилишади.
Актёрлар узоқ вақт сув остида қолишга ва кино саҳналарини янада реалроқ кўрсатишлари учун нафасларини самарали ушлаб туришга ўргатилади.